“Теlegram” асосчиси, россиялик тадбиркор Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши компания иловасини юклаб олиш кўпайишига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Тhe Sun” хабар тарқатди.

Нашр ёзишича, “Теlegram” АҚШдаги энг яхши мобил иловалар рейтингида 18-поғонадан 8-ўринга кўтарилди. Бу 2023 йил 1 январдан буён энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Ушбу тармоқ Францияда ҳам “App Store” дўконида етакчиликни қўлга олди ва барча турдаги иловалар орасида оммабоплиги бўйича учинчи қаторни банд этди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Павел Дуров Париж яқинидаги Ле-Бурже аэропортида қўлга олинган. Маълум бўлишича, у Францияда қидирув эълон қилинганлар рўйхатига киритилган.

Пойтахт прокуратураси тадбиркорга қарши ҳокимиятга маълумот беришдан бош тортиш, фирибгарлик ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорлик, болалар порнографиясида иштирок этиш, кибер жиноят, пул ювиш сингари 12 хил эҳтимолий айбловни санаб ўтган.

Президент Эммануэль Макрон душанба куни Дуров ҳибсга олиниши “сиёсий қарор” эмаслигини айтди.

– Павел Дуров ҳибсга олингандан кейин Франция ҳақида нохолис маълумотларни ўқияпман, – деб ёзган Макрон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Мамлакатимиз ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ сўз ва мулоқот, инновация ва тадбиркорлик эркинлигига рухсат берган, шундай бўлиб қолади ҳам.