Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини астойдил ҳимоя қилган, лекин озгина омади келмаган спортчиларимизни ҳам самимий табриклади.

Хусусан, бадиий гимнастика бўйича спортчи-қизларимиз Олимпия ўйинлари тарихида биринчи марта гуруҳ беллашувларининг финал босқичига етиб бордилар.

Улар дунёнинг энг кучли 8 та жамоаси орасидан жой эгаллагани ҳам ўзига хос муҳим натижа бўлгани қайд этилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олимпия майдонларида тўп сурган навқирон футболчиларимиз жаҳондаги энг кучли жамоаларга қарши муносиб кураш олиб боргани таъкидланди.

–Олимпиада ўйинлари кўплаб спортчиларимиз учун, гарчи улар совринли ўринларга эришмаган бўлсалар ҳам, ўзига хос катта тажриба мактаби бўлди. Ва барчамиз келгусида улардан юксак натижалар кутишга ҳақлимиз, – деди Президент.

ЎзА