Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви давом этмоқда.
Ўзбекистон таэквондо бўйича биринчи марта Олимпия ўйинларида 2 та медални қўлга киритди.
Айниқса, моҳир спортчимиз Улуғбек Рашитов Олимпия ҳаракати солномасида таэквондо бўйича энг ёш тоифада икки карра Олимпия чемпиони бўлди.
Шу пайтгача дунёда фақат 4 нафар спортчи шундай юксак шарафга сазовор бўлган эди. Улуғбек эса бешинчи бўлиб, уларнинг сафидан муносиб ва мустаҳкам жой эгаллади.
У оёғидан қаттиқ жароҳат олганига қарамай, шиддатли финал жангида кучли рақибга қарши мардона жанг қилиб, ғолиб қаҳрамонга айланди.
ЎзА