Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви давом этмоқда.

Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши таъкидланди.

–Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир.

Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди, – деди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатимиз иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.

Бу натижалар Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган ютуқ экани қайд этилди.

ЎзА