Бу ҳақда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, бугун бошланган “Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция давомида Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ қошидаги туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистондаги санъат йўналишидаги олий таълим муассасалари ректорлари иштирок этди.

Йиғилишда иттифоққа аъзо олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, биргаликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий тадқиқот ишлари ва кадрлаш тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Атрофлича муҳокамалардан сўнг Туркий давлатлар санъат университетлари иттифоқининг резолюцияси қабул қилинди.

Йиғилишда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти иттифоқ аъзолигига қабул қилинди ва аъзо олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, халқаро конференция давомида Хитой, Франция, Россия, Германия, Гамбия, Уммон ва Иордания давлатларидаги олий ўқув юртлари, халқаро илмий- тадқиқот марказлари етакчилари ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилди.

Мазкур шартномаларда қўшма ижодий лойиҳалар, гастрол сафарлари, халқаро фестиваллар, симпозиумлар, танловлар ва ёзги (қишки) мактаблар ташкил этиш, ҳар икки томон етакчи профессор-ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ўтказиш, назарий фанлардан маърузалар ўқиш, илмий-назарий конференция ва симпозиумлар, илмий семинарлар, давра суҳбатлари ва учрашувларда иштирок этиш, илмий-услубий нашрлар алмашинуви ҳамда институт профессор-ўқитувчилари малакасини оширишга кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш назарда тутилган.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари