Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти, Ҳайдар Aлиев фонди президенти Меҳрибон Aлиева фаолиятига бағишланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати вакиллари, Ташқи ишлар вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раҳбарияти, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бир қатор хорижий дипломатик корпус вакиллари, мазкур университетнинг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Содиқ Сафоев, Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев, озарбайжонлик олима Парвана Алиева, Тожикистон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдураҳмон Раҳмонзода ва бошқалар қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик, биродарлик алоқалари тобора равнақ топиб бораётганини таъкидлади.

– Ушбу китоблар тақдимотининг аҳамиятли томони шундаки, мазкур маърифий тадбирлар Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида бўлиб ўтмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ушбу университет ректори Содиқ Сафоев. – Юксак савиядаги ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга экани билан диққатга сазовордир. Ташриф давомида бизнинг қардош давлатларимиз наинки ҳамкор, балки Иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди. Бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг энг юқори чўққисидир. Шу билан бирга давлатлараро кенгаш бўлиб ўтди. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат манфаатлари учун ғоят муҳимдир. Айни пайтда икки давлатнинг таълим ва фан, маданият соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш, олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш, бир қатор ҳамкорликдаги маърифий-илмий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилгани билан аҳамиятлидир.

Айтиш керакки, «Меҳрибон Aлиева Ғалаба қозонган саркарданинг нафис кучи» (Китоб муаллифи Ойгул Багирова) деб номланган китобда Меҳрибон Aлиеванинг шахсияти, ҳаёти, серқирра фаолиятининг барча жабҳалари ҳар томонлама ва атрофлича таҳлил этилган. Шу билан бирга нашрда президент Илҳом Aлиев раҳнамолигида Озарбайжонда эришилган ютуқлар эътироф этилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур нашрнинг тақдимоти Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг бир-бирини яқинроқ билишга, икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик даражасига кўтарилган муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилишининг яна бир далилидир.

– Бу менинг иккинчи китобим, – деди асар муаллифи Ойгул Багирова. – Илк китобим Озарбайжон Олий Бош Қўмондонига бағишланган «Ғолиб саркарда» асари эди. «Меҳрибон Aлиева Ғалаба қозонган саркарданинг нафис кучи» деб номланган китоб Озарбайжон Республикасининг биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг серқирра фаолияти, Ватанга садоқати ва фидойилиги ҳақида ҳикоя қилади. Китоб олти фасл, 32 мақоладан иборат. Ушбу китобни ёзиш мен учун катта масъулият ва шарафдир.

Тадбир давомида шунингдек, Зарифа Гулиеванинг «Зафар тарихимизнинг фотиҳлари» деб номланган асарининг ҳам тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда икки давлат, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари янги тараққиёт босқичига киргани, ушбу ҳамкорликни янада равнақ топтириш масалалари хусусида атрофлича фикр юритилди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири