26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади.

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази иш бошлади.

Бу ерда маҳаллий ҳамда чет эллик журналистларнинг фаолият кўрсатишлари, турли тадбирлардан тезкор материаллар тайёрлашлари учун зарур шарт-шароитларни яратилди.

– Матбуот марказида 80 та компьютер ва принтер ўрнатилган, улар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган, – дейди Маданият вазирлиги ахборот хизмати масъул ходими Орифжон Файзиев. – Шунингдек, матбуот маркази томонидан  Wi-Fi интернет тармоғи ҳавола ҳамда бўлиб ўтаётган тадбирлардан олинган расм ва видео  маълумотларни ўзида жамловчи (QR-код) база ташкил этилган.

Оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар  матбуот марказида Регистон майдонида бўлиб ўтаётган барча тадбирларни катта Led-экран орқали online режимида кузатиш имконияти эга.

З.ЖОНИБЕКОВ, А.ИСРОИЛОВ, ЎзА