Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва мувофиқликни баҳолаш тартибларига оид низомларни тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
а) Хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
хавф даражаси юқори бўлган маҳсулотларни мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;
давлат руйхатидан ўтказилган маҳсулотларнинг давлат реестрини юритиш;
давлат рўйхатидан ўтказилган маҳсулотларнинг далилий ҳужжатларини шакллантириш ва сақлаш;
давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳномага ўзгартириш киритиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби;
мажбурий тартибда давлат рўйхатидан ўтказиладиган маҳсулотлар турларининг рўйхати;
б) Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом:
маҳсулотларнинг интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини ўрганиш ва текшириш;
сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш;
маҳсулотларни сертификатлаштириш схемаларини қўллаш;
сертификатлаштирилган маҳсулотларни даврий баҳолаш;
мувофиқлик сертификатига ўзгартириш киритиш тартиби;
в) Хавф даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини декларациялаш йўли билан тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом:
мувофиқликни декларациялаш схемалари;
мувофиқликни декларациялаш ҳужжатларини шакллантириш ва уни рўйхатга олиш;
мувофиқлик декларациясини рўйхатга олиш учун асос бўлган далилий ҳужжатларни шакллантириш ва сақлаш тартиби;
г) Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом:
сертификатлаштириш ишларини амалга ошириш;
сертификатлаштиришга аризани қабул қилишни рад этиш учун асослар;
мувофиқлик сертификатни тасдиқлаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш;
сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш ёки қисқартириш;
менежмент тизимларини жорий этиш ҳамда ўқитиш бўйича ишлар ва хизматлар тўлови, уни ҳисоблаш тартиби;
д) Маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига номувофиқ деб топилган маҳсулотлар рўйхатини юритиш, уларни эркин муомаладан чиқариш ва утилизация қилиш тартиби тўғрисидаги низом:
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига маҳсулотларни номувофиқлигини аниқлаш;
номувофиқ деб топилган маҳсулотларни савдодан чақариб олиш, утилизация қилиш ҳамда уларнинг рўйхатини юритиш;
маҳсулотларни олиб киришни қайта тиклаш тартиби тасдиқланди.
Мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштиришда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан хавф даражаси юқори бўлмаган маҳсулотга мувофиқлик тўғрисидаги декларация рўйхатга олинганда (амал қилиш муддатидан қатьи назар), ушбу мувофиқлик тўғрисидаги декларация асосида маҳсулот йигирма тўрт ой давомида импорт қилиниши мумкин. Мазкур тартиб мувофиқлик тўғрисидаги декларацияда келтирилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг бир турдаги маҳсулотига нисбатан амал қилади;
мувофиқлиги декларациялаш йўли билан тасдиқланиши лозим бўлган маҳсулотлар Ўзбекистон Республикасига импорт қилинганда, уларнинг мувофиқлигини учинчи томон тасдиқлайди.
ЎзА