Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўтказилган музокаралар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстона муносабатларни ривожлантиришда тарихий воқеа бўлганини катта мамнуният билан таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этди. Бу, Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очилганини англатади ва томонларнинг кўп қиррали шерикликни ҳар тарафлама ривожлантиришга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.
Ташриф давомида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизми бўлиши кўзда тутилган Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлиси ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти йил бошидан буён Ҳукуматлараро комиссия мажлислари, сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатлашувлар, парламент аъзолари учрашувлари, ҳудудлар форуми, шунингдек, бир қатор маданий ва ишбилармонлик тадбирлари ўтказилгани ушбу саммит муваффақиятининг пойдевори бўлганига эътибор қаратди.
Ўзбекистон қардош Озарбайжоннинг улкан ютуқларидан хурсанд.
Давлатимиз раҳбари қардош мамлакатда иқтисодиёт, саноат жадал ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланаётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий озарбайжон ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.
Ижтимоий инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фаол қурилаётган Қорабоғ қайта тикланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Озарбайжонни бу олижаноб ишда бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.
– Озарбайжон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз ва иттифоқчимиздир. Бизни муштарак тарихий илдизларимиз ва кўп асрлик дўстлигимиз, ягона дин, ўхшаш маданият ва анъаналар боғлаб туради. Буларнинг барчаси ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Ўзбекистон раҳбари.
Музокаралар чоғида Президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча йўналишларини, жумладан, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва маданият соҳаларини муҳокама қилдилар.
Томонлар сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, кўп томонлама платформаларда ўзаро қўллаб-қувватлаш, парламентлар, ҳукуматлар, тармоқ идоралари ва ҳудудлар даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий кооперация йили деб эълон қилиш ҳамда 20 та асосий йўналиш бўйича дастур қабул қилишга аҳдлашилди.
Куни кеча бизнес форуми самарали ўтгани, унда ўнлаб шартнома ва битимлар имзолангани қайд этилди. Ушбу келишувлар доирасида меҳмонхона, тўқимачилик кластерлари, тикувчилик фабрикасини барпо этиш, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш каби муҳим лойиҳалар амалга оширилади.
Учинчи мамлакатлардаги истиқболли лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш бўйича ишланмалар мавжудлиги айтилди. Шу маънода, бундай лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.
Транспорт боғлиқлигини, шу жумладан Транскаспий йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.
Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида бу бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади, шунингдек, Қўқон шаҳрида навбатдаги ҳудудлар форуми ўтказилади.
Давлат раҳбарлари маданият, ёшлар ва ахборот сиёсати, илм-фан, таълим ва спорт соҳаларида мулоқот ва алмашинувларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Мамлакатларимизда ҳар йили ўзаро маданият ва кино кунларини, ижодий жамоаларнинг кўргазма ва сафарларини ўтказиш анъанаси эндиликда нафақат пойтахтларда, балки аҳолининг асосий қисми истиқомат қилаётган ҳудудларда ҳам давом эттирилади.
Эстрада санъатининг афсонавий юлдузлари Фарруҳ Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлининг юксак хизматлари эътирофи сифатида Президентлар уларга икки мамлакатнинг “халқ артисти” фахрий унвонларини беришга қарор қилдилар.
Якунда давлатимиз раҳбари озарбайжонлик ҳамкасбига таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик изҳор этди. Самарали музокаралар натижалари Ўзбекистон-Озарбайжон алоқаларини янада ривожлантиришга кучли туртки беришига ҳамда қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.