Нукус шаҳридаги “Оққуш” мажмуасида барпо этилган дунёдаги энг катта қорақалпоқ миллий ўтови Гиннесснинг рекордлар китобига киритилганлиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда вазирликлар, корхона, ташкилот, муассаса, олий ўқув юртлари раҳбарлари, нуронийлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т.Худайбергенов сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу тарихий воқеа билан қутлади.
Таъкидланганидек, Президентимиз Нукус шаҳрида 20 август куни тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотидан сўнг “Оққуш” мажмуасида ташкил этилган ўтовлар кўргазмасини кўздан кечирган эди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси асосида эллик гектардан ортиқ майдон обод қилиниб, кўплаб ўтовлар барпо этилди. “OROL AGRO” масъулияти чекланган жамият томонидан қурилган катта ўтовнинг диаметри 42, баландлиги 22 метрни ташкил этади. Мажмуада ташкил этилган қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, бошқирд каби туркий халқларнинг ҳамда Қорақалпоғистон туманларининг ўтовларида қардош элларимиз тарихи, маданияти ва турмуш тарзи ўз ифодасини топган.
Тадбирда қорақалпоқ миллий ўтови Гиннесснинг рекордлар китобига киритилганлиги тўғрисидаги сертификат тантанали равишда топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.