Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар-жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонга ташрифи доирасида ҳуқуқий идоралар масъул шахслари билан учрашди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Салом Самадов, Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари Зокиржон Холмуҳамедов ва адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов билан қўшма учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида Махсус маърузачига давлатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларни уй-жой билан таъминлаш, уй-жойи бузилишга тушганларга компенсация тўловларини амалга ошириш, қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши ҳақида маълумотлар берилди.

Б.Ражагопал мамлакатда уй-жой билан таъминлаш соҳасида олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаган ҳолда ўзининг ижобий фикрларини билдирди ҳамда тавсиялари билан ўртоқлашди.

Учрашув дўстона ва конструктив мулоқот тарзида ўтди.

Н.Абдураимова,

ЎзА