БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонга ташрифи доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан учрашди.

Айтиб ўтиш керакки, Б.Ражагопал Ўзбекистондаги уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиниши борасидаги қонунчилик ва унинг ижроси, жумладан, уй-жойнинг арзонлиги ҳамда яроқлилиги, хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва мажбурий кўчириш масалаларини ўрганмоқда.

Омбудсман Феруза Эшматова махсус маърузачи Балакришнан Ражагопал ҳамда махсус маърузачи котибиятининг бошлиғи Гуннар Тейссен билан учрашувда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича аниқ механизмлар яратилгани ва бу борадаги қонунчилик доимий равишда такомиллаштирилиб борилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

2020-2023 йиллар давомида Омбудсманга турар жой билан боғлиқ масалада фуқаролардан 5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилиши натижасида фуқаролар фойдасига 1 миллиард 305 миллион сўм компенсация маблағлари ундирилган.

Ўзаро мулоқот давомида ушбу йўналишда аҳолининг ҳуқуқий билими ва хабардорлигини ошириб бориш зарурлиги таъкидланди. Шу муносабат билан республика бўйлаб фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган «Омбудсман мактаби» тадбирларининг муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Болалар омбудсмани вакиллари ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Суҳбат давомида махсус маърузачи Балакришнан Ражагопал Ўзбекистонда фуқароларнинг тураржойга бўлган ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жумладан, аҳолининг кам таъминланган қатламини уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотларни эътироф этар экан, бу борада Омбудсман институти фаолиятининг долзарблигига тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Омбудсман институтлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА