Давлат олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг танлов босқичи жорий йил 27 июль – 10 август кунлари ташкил этилди. Мазкур муддат давомида абитуриентларга тест синовларида тўплаган балидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имконияти берилди.

Хўш, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар қай тартибда шикоят қилиши мумкин?

Мазкур савол юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Зоҳид Шакаров қуйидагиларни маълум қилди.

– Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция аризаларини my.uzbmb.uz сайтида (шахсий кабинети орқали) онлайн тарзда 18 августдан 27 августга қадар (10 кун давомида) бериши мумкин.

Абитуриент апелляция шикояти бериши учун тест синовида иштирок этган ва тест синовидан четлатилмаган бўлиши лозим. Апелляция аризасини берган абитуриентга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади.

Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хабарнома билан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига келиши керак. Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2024 йил 22 августдан бошланади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА