АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида «Grand Chess Tour» тизимидаги «Saint Louis Rapid & Blitz-2024» халқаро турнири якунланди.

Мукофот жамғармаси 175 минг АҚШ долларидан иборат турнирда Фабиано Каруана (АҚШ, рапид 2777/ блис 2795), Ян Непомняший (Россия, 2753/ 2777), Хикару Накамура (АҚШ, 2746/2874), Леньер Домингес (АҚШ, 2693/2651), Уэсли Со (АҚШ, 2735/2782), Рамешбабу Прагнанандха (Ҳиндистон, 2688/2693), Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон, 2732/2669), Левон Аронян (АҚШ, 2754/2727), Алиреза Фирузджа (Франция, 2731/2869), Максим Вашье-Лаграв (Франция, 2747/2795) рапид ва блиц йўналишидаги мусобақаларда ғолиблик учун дона сурди.

Кеча блиц йўналишида сўнгги тур ўйинлари ўтказилиб, ҳар икки йўналишда шахматчилар тўплаган очколар сарҳисобига кўра, Франция вакили Алиреза Фирузджа 17,5 очко жамғарган ҳолда ғолибликни ҳамда мукофот жамғармасининг 40 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга эга чиқди. Турнирда кучли шахматчилар қаторида дона сурган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳар икки йўналишдаги ўйинлардаги кўрсаткичларига кўра, 10 очко жамғарди ҳамда мусобақа низомига мувофиқ, 8 минг АҚШ долларига эга чиқди.

Т.Рўзиев, ЎзА