Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасида криптология соҳасида таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

2024-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида криптология соҳасида таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;

Ўзбекистон Республикасида миллий криптология соҳасини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастури тасдиқланди.

Дастурга киритилган мавзуларнинг ижроси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказиладиган танловлар асосида республиканинг соҳавий ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилади.

Дастурга киритилган мавзуларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги танловлари доирасида бажарилишига рухсат берилади.

Эришилган илмий натижалар ва ишлаб чиқилган инновацион маҳсулотлар Давлат хавфсизлик хизмати тасарруфидаги Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулки ҳисобланади.

Қарорга  мувофиқ, Давлат хавфсизлик хизмати ҳузурида республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг тажрибали мутахассисларидан иборат Криптология соҳасида идоралараро эксперт гуруҳи ташкил этилади.

Эксперт гуруҳининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

давлат ва жамият ҳаётидаги реал эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда, республикада криптология соҳасида долзарб муаммоларни ўрганишга бағишланган илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантириш;

илғор хорижий давлатлар тажрибалари асосида криптология соҳасига оид фан дастурлари, дарсликлар ва бошқа ўқув материалларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиш ҳамда улар бўйича эксперт хулосаларини бериш;

криптология соҳасида миллий стандартлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот хавфсизлиги ва замонавий киберхавфсизлик талабларига мослиги юзасидан хулосалар бериш, шунингдек, уларни такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш.

Эксперт гуруҳи Давлат хавфсизлик хизмати ҳузурида доимий фаолият юритадиган идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.

ЎзА