Мустақиллик байрамига туҳфа
Қўнғирот туманидаги маҳаллаларда “Опен бюджет” лойиҳаси асосида ҳудудларни обод этиш, бу орқали эса аҳолининг кўп йиллик муаммоларини бартараф этиш тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, “Кўкдарё” овул фуқаролар йиғинини туман маркази билан боғловчи йўлнинг 1 минг 234 метр қисми асфальт қилиш дастурга киритилган. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси томонидан ушбу йўлнинг 600 метр қисмига асфальт ётқизиш ишлари бажарилди.
Қурилиш ишларига 10 та махсус техника, 15 нафар ишчи жалб қилинган бўлиб, август ойи охирида қурилиш ишлари якунланиши ва мазкур автомобиль йўлининг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Янги завод ишга туширилди
Кегейли туманида янгидан асфальт-бетон ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. “Данияр авто сервис” масъулияти чекланган жамият томонидан ишга туширилган лойиҳанинг умумий қиймати 9 миллиард сўм бўлиб, шундан давлат дастури асосида 7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган. Бугунги кунда заводда 15 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Ўқув маркази иш бошлади
Тўрткўл туманидаги “Бону таомлари” оилавий корхонасида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касбга ўқитиш ҳамда ишсиз аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида “Келинликка тайёрлов” ўқув курси йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 14 сентябрдаги “Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тадбиркорликни ривожлантиришга яратилган кенг имкониятлар натижасида ёш тадбиркор Шаҳноза Саидова Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида “Агробанк”нинг туман филиали томонидан 100 миллион сўм кредит олди.
Бугун ушбу оилавий корхонада хотин-қизлар қандолатчилик, миллий, Европа таомлари, салатлар, пишириқларни тайёрлаш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур курсни муваффақиятли битирган ёшлар махсус сертификатга эга бўладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.