Пойтахт ҳокимлигида Япониянинг “Mitsui Bussan Chemicals” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида шаҳримизда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумот берилиб, шаҳарсозлик ҳамда саноат йўналишида соҳадаги ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида Япония компаниялари билан янги истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Хусусан, “Mitsui Bussan Chemicals”, “ATOMIX” ҳамда уларнинг Тошкентдаги маҳаллий ҳамкори “ATOMIX” МЧЖ билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида йўл қопламалари учун лок-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун барча синовлар муваффақиятли амалга оширилгани маълум қилинди.
“Mitsui Bussan Chemicals” вакили Акимото томонидан Тошкент шаҳри билан ҳамкорликка қизиқиш катталиги билдирилиб, Тошкент шаҳри ва Япония ҳудудлари ўртасида нафақат савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатларни, балки иқтисодиётнинг бошқа истиқболли соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳар икки давлат манфаатларига хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Mitsui Bussan Chemicals”, “ATOMIX” ҳамда уларнинг Тошкентдаги маҳаллий ҳамкори “ATOMIX” МЧЖ ўртасида йўл қопламалари учун лок-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашув якунида тарафлар ўзаро фойдали манфаатлар йўлида ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА