Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини белгилайди.
Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини юритадиган алоҳида мақомга эга республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади. Ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Қўмита ўз фаолиятини республика ва мадаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади. Унинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида юридик шахс бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасини ривожлантириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ва ушбу Жамғарманинг низоми ҳам тасдиқланди.
ЎзА