Американинг “Sierra Nevada Corporation” хусусий компанияси Ўзбекистон билан олтита “Pilatus PC-12” самолётини реставрация қилиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги сайти ёзган.

Битим бўйича 64,24 миллион долларлик буюртма самолётларни сафга қайтариш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш ва олтита “PC-12” учоғи учун пудрат-логистика ёрдами кўрсатиш кўзда тутилган. Ўзбекистонда амалга ошириладиган иш 2027 йил 7 августгача якунланиши керак.

Лойиҳа АҚШ Хорижий ҳарбий савдо дастури доирасида амалга оширилади. Қурол экспортини назорат қилиш тўғрисидаги ушбу мамлакат қонуни 3-бўлимида, “Агар президент муайян иш “Қўшма Штатлар хавфсизлигини кучайтиради, дунё тинчлигини таъминлашга ёрдам беради” деб ҳисобласа, мудофаа маҳсулоти ва хизмати хорижий давлат ёки халқаро ташкилотга сотилиши мумкин”лиги белгиланган.

Шартнома доирасида Хорижий ҳарбий савдо траст фондидан 26 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратилди. Пудратчи – Огайо штати Райт-Паттерсон базасидаги Ҳаво кучларини бошқариш маркази.

2021 йил ноябрда “Uzbekistan Airways” Миллий авиакомпанияси Швейцариянинг “Pilatus Aircraft” ишлаб чиқарувчисининг илк самолёти – “Pilatus PC-12”ни ишга туширган. Бир двигателли турбовинтли ушбу самолёт одатда корпоратив ёки минтақавий реактив сифатида ишлатилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА