Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг эллик биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Кун тартибидаги дастлабки масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округларини тузиш ҳақида Жўқорғи Кенгес томонидан таклиф юбориш тўғрисида бўлиб, бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмита Раиси З.Реймова маъруза қилди.

Қайд этилганидек, сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови аралаш сайлов системаси, яъни мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказиш белгиланди. Чунки, бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан муваффақиятли ўтган сайловчиларнинг ҳохиш иродасига тўлиқ жавоб берадиган сайловни халқ учун энг маъқул тушунадиган шаклда ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари ва сайлов тизимлари бор. Улар айниқса аралаш сайлов тизимида самарали фойдаланиб келмоқда. Шу сабабдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими асосида ўтказиш тартиби белгиланди.

Қонунчилик палатасининг етмиш беш депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан қолган етмиш беш депутат пропорционал сайлов тизими асосида  сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланиши белгиланган. Ягона сайлов округидан депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхати асосида тавсия этилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округларини  тузиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига таклиф юборилади.

Кун тартибида шунингдек, 2024 йилнинг биринчи чорагида бюджет даромадлари режасининг бажарилиши ва солиқ қарздорликларини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасига Парламент сўровини юбориш, туманларда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома талабларига риоя этилиши, фойдаланишда бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали ва оқилона фойдаланиш борасидаги ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҳисоботи, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раисининг ўринбосарини сайлаш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА