Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органлари томонидан тадбиркорликни янада ривожлантириш, уларнинг ташаббуслари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, ҳуқуқий ҳимоясини самарали таъминлаш ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил 21 июнь кунги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, прокуратура, ички ишлар, Солиқ бошқармаси, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан биргаликда қабул қилинган қўшма фармойиш соҳага оид фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилаб берган.
Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Э.Таджиев Тўрткўл туманида бўлиб, қўшма фармойиш асосида ташкил этилган “Тадбиркорликка кўмаклашиш” ишчи гуруҳининг фаолияти билан танишди. Шунингдек, туман тадбиркорлари билан бевосита мулоқот жараёнида 60 дан ортиқ фаолиятини янгидан бошлаётган ва фаолиятини кенгайтириш истагида бўлган тадбиркорлик субъектларининг бизнес лойиҳалари билан танишди.
Тадбиркорларнинг муаммолари жойига чиқиб ўрганилиб, уларни бартараф қилиш борасида масъул идораларга муддатлари белгиланган ҳолда қатъий топшириқ берилди. Қабулда келиб тушган 20 та мурожаатнинг 8 таси жойида ҳал этилди. 12 та мурожаат эса Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан ўрганиш учун назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.