Навбатдаги халқаро таълим дастури доирасида бу гал дунёнинг 14 давлатидан 150 нафар талаба Ўзбекистонга келди.
Бугун Рақамли технологиялар вазирлигида “Huawei” компанияси, IT-таълим уюшмаси ҳамда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё таълим муассасалари кўмагида ўтказилаётган “Seeds for the Future 2024” нуфузли йиллик дастури расман очилди.
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов турли давлатлардан келган ёш истеъдод эгалари ҳамда фахрий меҳмонларни қутларкан, университет талабаларига мўлжалланган мазкур дастур маҳаллий истеъдодларни ривожлантириш, билим алмашиш, АКТ бўйича хабардорликни ошириш, ёшлар учун рақамли ҳамжамиятни ривожлантиришга қаратилганини таъкидлади. Дарвоқе, бу йилги иштирокчилар орасида Ўзбекистон, Озарбайжон, Баҳрайн, Иордания, Ироқ, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Қувайт, Ливан, Уммон, БАА, Покистон ва Саудия Арабистони вакиллари бор.
“Seeds for the Future 2024” танловида иштирок этиш учун, жумладан, Тошкент шаҳридаги саккизта – Ахборот технологиялари, Инха, Амити, Янги Ўзбекистон, Турин политехника, Халқаро таълим, халқаро Вестминстер, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетлардан 15 нафар ўзбекистонлик талаба танлаб олинди.
Ўтган тўққиз йил мобайнида “Huawei” глобал таълим дастурида юртимиздан 147 нафар талаба иштирок этди. Бу йил “Seeds for the Future 2024” дастури доирасида илғор ахборот-коммуникация технологияларини ўрганиш бўйича интенсив тренинг, технология етакчилиги кўникмасини такомиллаштириш бўйича маъруза, глобал мавзуларда муҳокамалар кечади. Иштирокчилар “Tech4Good” гуруҳи стартап лойиҳалари билан ҳам танишади, билим ва тажриба алмашиш орқали 5G, сунъий интеллект, булут ва Wi-Fi 7 технологиялари ҳақида яхшироқ тушунча оладилар. Натижада ёшлар келажакда ўсишлари учун иқтидорини намоён қилиш, меҳнат бозорида ўз рақобатбардошлигини ошириш имконига эга бўладилар.
Талабалар АКТ инновациясини чуқур ўрганиш ва соҳа мутахассислари билан ҳамкорлик қилиш баробарида маданиятлар аро алоқа ўрнатиш учун диёримиз бўйлаб сафарга чиқишади.
Лойиҳа йўлга қўйилиши арафасида Тошкент шаҳридаги Амити университетида бўлиб ўтган “Global Village” йирик маданий тадбирида талабалардан иборат ҳар бир жамоа ўз мамлакатининг маданий мероси, анъаналари, миллий либослари ва ошхонасини намойиш этди.
Дастур доирасида ўтказилган “Tech4Good” танлови ўз олдига ёшлар салоҳиятини ошириш, уларни жамиятдаги ижобий ўзгаришлар жараёнига жалб этиш мақсадини қўйган. Ушбу ноёб платформа энг сўнгги технологиялар улкан салоҳиятидан фойдаланган ҳолда долзарб ижтимоий муаммоларни самарали ҳал қилувчи инновацион ғоялар ишлаб чиқишга мўлжалланган. Иштирокчилар ҳакамлар эътиборига ўз лойиҳаларини тақдим этади ва икки етакчи жамоа келгуси йил Хитойда бўлиб ўтадиган Глобал финалда иштирок этиш учун танлаб олинади. Таъкидлаш жоиз, ўтган йил Ўзбекистон жамоаси “Tech4Good” танловида минтақавий чемпионликни қўлга киритган.
Глобал миқёсда АКТ истеъдодларини ривожлантиришга қаратилган “Seeds for the Future 2024” ташаббуси 2008 йил ишга туширилган. Ўтган давр мобайнида 141 мамлакатдан 18 мингга яқин талабани қамраб олган дастур 360 дан зиёд юқори лавозимли давлат вакиллари ва раҳбарлари кўмагида соҳа етакчилари ва инноваторларининг янги авлодини шакллантириш мақсадида 500 дан кўп университет билан ҳамкорлик қилмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА мухбири