Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан фойдаланиши билан боғлиқ мақсадли индикаторлар бажарилиши ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Ахборотда таъкидланганидек, ҳар йилги Давлат бюджетининг мақсадли сарфланиши бўйича 2024 йил учун аниқланган режавий кўрсаткичда 5 триллион 820 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республика бюджетидан амалга оширилган жами харажатлар эса 2 триллион 238 миллиард 900 миллион сўмни ташкил қилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва унинг тасарруфидаги муассасалар жорий харажатлари учун 4 триллион 768 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, 1 июль ҳолатига кўра амалга оширилган харажатлар миқдори 1 триллион 877 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, олий таълим муассасасида магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш харажатлари дастурига асосан 2024 йилда аниқланган режага кўра 97,2 миллиард сўм ажратиш белгиланган.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра эса 2023/2024 ўқув йилида мазкур дастур асосида 22,8 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган.
2024 йилда давлат-хусусий шериклик асосида талабалар турар жойини барпо этиш бўйича лойиҳалар учун ажратилган 175,1 миллиард сўм субсидия маблағларидан ярим йилликда 67,3 миллиард сўми сарфланган ва бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Муҳокамалар давомида қўмита аъзолари давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан ўз вақтида самарали фойдаланиш, бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар бердилар.
М.Комилова,
ЎзА