Мамлакатимиз қурилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар сабабли янги қувватлар фойдаланишга топширилмоқда ва янги турдаги, инновацион, энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Бу ишлар самарасида “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги қурилиш материаллари нафақат маҳаллий, балки жаҳон бозорида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаб боряпти.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов ушбу соҳада экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан кўрилган чораларнинг натижа ва ютуқлари ҳақида гапириб берди:
–Ҳозирда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларини харид қилишда Қозоғистон давлати етакчи саналади. Йил сайин ушбу давлатда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2023 йилда Қозоғистонга Ўзбекистондан 14 турдаги жами 158,4 миллион долларлик қурилиш материаллари ва хомашё маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. 2024 йил январь-июнь ойлари бўйича Ўзбекистондан қўшни давлатга 14 та турдаги 87,5 миллион долларлик қурилиш материаллари ва хомашё маҳсулотлари экспорт қилинган.
Шунингдек, 2023 йилда Қозоғистондан Ўзбекистонга 36 та турдаги жами 77,8 миллион долларлик қурилиш материаллари ва хомашё маҳсулотлари импорти амалга оширилган. 2024 йил январь-июнь ойларида эса 27 та турдаги 30,1 миллион долларлик қурилиш материаллари ва хомашё маҳсулотлари юртимизга олиб келинган.
Бугунги кунда Қозоғистон Республикасининг “Basaltwool. KZ” компанияси билан ҳамкорликда Жиззах вилояти Фориш туманидаги “Basfayber Treyd ” МЧЖда қиймати 100 миллион долларлик базальт толаси ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан ҳукумат топшириғига кўра, қурилиш материаллари экспортини янада ошириш, бу борада тадбиркорларга янада кўмаклашиш мақсадида жорий йилда бир қатор давлатларда савдо уйларини очиш кўзда тутилган. Жумладан, Қозоғистон, Тожикистон ва Исроил давлатларида савдо масканларини барпо этиш режалаштирилган.
Таъкидлаш керакки, юртимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, улар томонидан 2024 йилда 38 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. Инвестиция дастурлари доирасида 2024-2026 йилларда қиймати 4,5 миллиард долларлик 542 та янги лойиҳа амалга ошириш кўзда тутилган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА