Дунё хабарлари қисқа сатрларда
АҚШ ва Россия ўртасидаги ядро уруши эҳтимолига баҳо берилди
АҚШ ўз ядро салоҳиятини ошириши Россия билан муносабатдаги кескинликни юмшатмайди, балки уруш бошланиши хавфини оширади, деб ёзди “Responsible Statecraft” нашри.
– Совуқ уруш давридаги ядровий қуролланиш пойгасига қайтиш ўрнига, Вашингтон асосий рақиби билан муносабатдаги кескинликни юмшатиш имкониятини қидириши керак, – дейилган материалда.
Аввалроқ Ядровий хавфсизлик бўйича миллий агентлик раҳбари Жилл Хруби ўтган йил Пентагон 200 дан ортиқ такомиллаштирилган ядро қуролини қабул қилиб олди, дея баёнот берган эди.
Туркия Ғарбни Ғазодаги вазият бўйича иккиюзламачиликда айблади
Туркия ТИВ раҳбари Ҳоқон Фидан фикрича, Ғарб Украинани қўллаб-қувватлаб ҳамда Фаластин қаршилигини жиноятчиликда айблаб, Ғазодаги вазият бўйича кўзбўямачилик қилмоқда.
– Ғарб Украина жинояткарона босиб олинган, дея кўзбўямачилик қилмоқда, – деди Фидан Боснияда чиқадиган “Stav” нашрига берган интервьюсида. – Исроил Фаластинни босиб олишини эса худди табиий ва қонунийдек баҳоламоқда. Украинани қаршилик кўрсатишга чақираётганлар Фаластин қаршилигини жиноятга тенглаштирмоқда. Улар Украинадаги қаршиликни ва Фаластин босиб олинишини сўзсиз қўллаб-қувватламоқда.
Кисида конституция муҳокамасини тезлаштиришга чақирди
Япония Бош вазири Фумио Кисида Либерал-демократик партия бош қароргоҳида бўлиб ўтган йиғилишда қомусга ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари мавжудлиги тўғрисидаги низомни киритиш масаласи муҳокамасини тезлаштириш бўйича кўрсатма берди.
– Давлат учун ўз фуқаролари ҳаётини ҳимоя қилишдек энг муҳим ва масъулиятли вазифа мамлакатнинг олий қонунида аниқ кўрсатилиши керак, – дея иқтибос келтирган “Киодо” агентлиги Кисиданинг нутқидан. – Шунингдек, конституцияга ўз-ўзини мудофаа қилиш кучлари тўғрисидаги низомни ҳам, фавқулодда ҳолат тўғрисидаги бандни ҳам киритиш учун халқ розилиги керак.
1947 йил 3 майда қабул қилинган, Япониянинг урушдан воз кечишини тасдиқловчи конституцияда ташқи ҳужум содир бўлган тақдирда фақат мудофаа учун куч қўллаш имконияти назарда тутилган. Шунинг учун Япон Қуролли кучларини ўзини-ўзи мудофаа қилиш кучлари, деб аташади.
Хитой ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси етти ойда 1,4 фоиз ўсди
Хитой Халқ Республикаси божхона бош бошқармаси эълон қилган маълумотга кўра, 2024 йил 7 ойда Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 фоиз ўсиб, 383,15 миллиард долларга етган. Қўшма Штатлар Хитойнинг АСЕАН ва Европа Иттифоқидан кейин учинчи йирик савдо шериги бўлиб қолмоқда. Январ-июль ойларида Хитойдан АҚШга экспорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоиз ошиб, 286,89 миллиард долларга кўтарилди. Америка эса Хитойга 96,25 миллиард долларлик маҳсулот сотган ва бу кўрсаткич 1,4 фоиз камайган.
2023 йил охирида Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо ҳажми йиллик ҳисобда 11,6 фоиз қисқариб, 664,45 миллиард долларни ташкил қилган эди.
Фаластин барча мамлакатлардан ушбу давлатни тан олишни сўради
Фаластин мустақиллигини тан олган мамлакатлар сони 149 тага етди. Миллий маъмурият Фаластинни тан олмаган мамлакатларни бу ишни тезроқ қилишга чақиради, деб баёнот берди Президент Маҳмуд Аббос “РИА Новости”га берган интервьюсида.
– Бизни тан олганлардан миннатдормиз, – деди у. – Яқинда давлатчилигимизни Испания, Норвегия, Ирландия, Словения ва Арманистон тан олди. Бундай қадам Фаластин халқининг келажаги ва тинчликка нисбатан ҳуқуқини қўллаб-қувватлашдир.
Харрис сайловга расман номзодлигини эълон қилди
АҚШ вице-президенти Камала Харрис Филадельфиядаги тарафдорлари олдида, ўзининг сайлов олди кампанияси орқали намойиш этилган митингда расман Демократик партиядан олий лавозимга номзодлигини маълум қилди:
– Мен бугун сизнинг олдингизда туриб, Демократик партиядан АҚШ президентлигига расман номзод эканлигимни ғурур билан эълон қиламан.
Ўтган ҳафта делегатлар Харрис номзодини илгари суриш учун ёпиқ эшиклар ортида овоз беришни бошладилар ва жума куни у керакли миқдордаги овозни тўплади. Харрис Миннесота губернатори Тим Уолцни ўзига сайлов олди ҳамкор сифатида танлади.
Демократик партия қурултойи 19 август куни бошланади. Президентлик сайлови эса 5 ноябрга мўлжалланган.
АҚШ ва Австралия гипертовушли қурол устида иш олиб боряпти
Илғор гипер товушли қурол яратиш устида биргаликда ишлаётган АҚШ ва Австралия бу соҳада сезиларли ютуқларга эришди, деди журналистларга Пентагоннинг юқори мартабали расмийси.
– Жангчиларимиз учун муҳим устунликни таъминлайдиган илғор гипер товушли қурол устида бирга ишлаяпмиз, – деди ҳарбий амалдор. – АҚШ ва Австралия SCIFiRE лойиҳаси доирасида ҳаводан учириладиган гипер товушли қуролни лойиҳалаш ва синовдан ўтказишда аллақачон “катта ютуқлар”га эришган. Биз 15 йилдан бери қўшма тадқиқот олиб боряпмиз. 2017 йил иттифоқчи давлатлар HIFiRE (Hypersonic International Flight Research Experimentation) махфий лойиҳаси бўйича ишни якунлади. Мазкур ташаббус доирасида юқори товуш тезлигида учадиган қурол намунаси ишлаб чиқилди. 2020 йил бу давлатлар SCIFiRE лойиҳасини ишга туширган. Кўзланган мақсад тактик қирувчи самолётлар учун энг юқори тезликка эриша оладиган ўта аниқ зарба берувчи ракета яратиш.
Қозоғистон ҳаво мудофааси кучлари янги қуроллар билан таъминланади
Қозоғистон Бош вазири матбуот хизмати ёзишича, мамлакат Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига замонавий қирувчи самолёт ва зенит-ракета тизими етказиб берилиши кутиляпти. Туркиянинг АНКА учувчисиз учоғи ҳам синов амалиётидан ўтказилмоқда. Испаниядан эса А-400 оғир юк ташувчи ҳарбий транспорт самолёти олиб келинади.
Жорий йил қўшинлар 500 дан ортиқ янги техника, жумладан “Арлан” ва CОБРА II зирҳли ғилдиракли машина, SUNQAR тактик учувчисиз тизим мажмуаси ва EVOMax митти учувчисиз тизими билан таъминланади.
С.Раҳимов, ЎзА