Халқлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Унинг пойдеворларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзига хос лойиҳалар йўлга қўйилдики, бу, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш баробарида, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва гуманитар йўналишларнинг янги уфқлари очилишига олиб келмоқда.
Хусусан, бир неча йиллар муқаддам ёшларимиз орасида интеллектуал телемусобақа сифатида ўтказиб келинган “Заковат”нинг имкониятлари кенгайди. У ўз тафаккур дунёси билан юртимизда аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши асносида халқаро майдонга юз тутди. Интеллектуал салоҳияти юқори инсонларнинг тафаккур майдонига айланди.
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоалари ўртасида “Zakovat Asian Cup” турнири ўтказилгани ҳам мамлакатимизда бошланган оммавий-маърифий ҳаракат халқаро майдонга юз тутганидан далолат.
“Заковат” интеллектуал ўйини Осиё кубоги мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Қозоғистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Эрлан Карин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳар икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар, ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик алоқалари ривожланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева иштирокчи жамоаларни қутлаб, ёшлар бунёдкорлик жараёнларида муҳим ўрин тутаётгани, тараққиётнинг асосий омили сифатида фаолият юритаётганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, “Заковат” лойиҳасининг икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамиятини қайд этди. Бундай лойиҳалар Марказий Осиё мамлакатларида инсон капитали сифатини оширишга ижобий таъсир кўрсатаётганини билдирди.
Шарқона ва замонавийликни мужассам эттирган майдон, “Заковат”гагина хос дизайн ва декорация халқаро турнирнинг нуфузини кўрсатди. Ўзбекистон ва Қозоғистон заковатчиларининг тафаккур баҳси янгича муҳитни вужудга келтирди.
“Zakovat Asian Cup” турнирининг муросасиз кечган тафаккур жангида Ўзбекистон жамоаси қозоғистонлик заковатчиларни 2:0 ҳисобида (5:2 ва 4:2) мағлуб этди ҳамда кубокни қўлга киритди.
Т.Рўзиев, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА мухбирлари
Остона шаҳри, Қозоғистон