Истанбулнинг Бюкчекмеже туманида 75 давлатдан 2100 ижодкорни бирлаштирган 25-Халқаро маданият ва санъат фестивали бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон номидан “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли иштирок этди.

Ўзбек санъаткорларининг чиқиши томошабинлар ва ҳайъат аъзоларида илиқ таассурот қолдирди. Миллий тароналар, рақс ва қўшиқлар маданиятимиз бойлиги ва тароватини очиб берди. Натижада “Айқулаш” ансамбли бир йўла икки – “Энг яхши ансамбль” ва “Энг яхши анъанавий мусиқа ижрочиси” номинацияларида ғолиб чиқди.

Қорақалпоқ артистлари муваффақияти Ўзбекистон миллий фольклор санъати юксак даражада ривожланаётганин яна бир бор тасдиқлади. Ёрқин чиқишлардан ташқари меҳмонларга мамлакатимиз, хусусан Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Термиз ва Хива шаҳарлари сайёҳлик имконияти билан таништирувчи видео лавҳалар, буклетлар намойиш қилинди.

Азиза Алимова,

ЎзА