Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилинган бўлиб, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд.
Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги улар ўртасида коллизияларни келтириб чиқариши, зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда қийинчиликларни юзага келтириши мумкин.
Шу боис эндиликда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилди. Ушбу кодекс лойиҳасига 8 та қонун ва 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари унификaция қилинмоқда. Бу орқали тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, лойиҳа билан тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлик, тадбиркорлик эркинлиги, субъектлар тенглиги, ҳалол рақобат, виждонлилик презумпцияси, коррупциядан холилик каби асосий принциплари ҳам мустаҳкамланяпти. Тадбиркорлик субъектлари эса кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратиляпти.
Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилиниб, қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА