Вояга етмаган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

356

Жаҳон банкининг тавсияси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлашга қаратилган қонун ишлаб чиқилди.

“Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида муҳокама қилинди.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларининг тегишли моддалари диспозициясида оилавий (маиший) зўравонликнинг қурбони эр-хотин, собиқ эр-хотин, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахс ёки умумий фарзандга эга бўлган шахслар бўлиши мумкинлиги назарда тутилган. Аммо бунга болалар киритилмаган. Натижада оилавий зўравонликка учраган болаларга нисбатан жиноят ишларини малакалашда тергов идораларида турли муаммолар юзага келган.

Мазкур қонун билан болаларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланиб, болага, васийлик ёхуд ҳомийлик остида бўлган вояга етмаган шахсга нисбатан оилавий зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда. Тегишли қонун ҳужжатлари болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.

Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддасига ўзгартириш киритилиб, яраштирув институти билан боғлиқ норма акс эттирилган. Яраштирув институти амалиётда мавжуд бўлиб, турли ҳолатларда судгача томонлар ўзаро яраштирилади. Аммо бу қонун билан оилавий (маиший) зўравонлик бўлса, судгача ҳеч қандай яраштирув мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Чунки тергов босқичида эр-хотинларнинг ўзаро ярашганлиги оқибатида айбланувчи томон жазо муқаррарлигини ҳис этмай, бир йил давомида яна қайта зўравонлик содир этиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунинг учун ҳам ярашув тўғрисидаги ариза фақат суд алоҳида хона (маслаҳатхона)га киришидан олдин, яъни оилавий (маиший) зўравонлик содир этган шахс фақат судда ярашув тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланмоқда.

Мазкур қонун қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА