Руминия дипломатияси йиллик йиғилишида Ўзбекистон билан муносабатга изоҳ берилди

570

Руминиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган “Беқарор дунёда дипломатик ҳаракат” мавзусидаги мамлакат дипломатияси йиллик йиғилишида иштирок этди.

Тошкентдаги элчихона ЎзАга хабар беришича, учрашувнинг расмий очилиш маросими олдидан Президент Клаус Йоханнис ва Бош вазир Марсель Чолаку дипломатия ва консуллик корпуси аъзоларини қабул қилган.

Йиллик йиғилишни очиб берган ташқи ишлар вазири Луминика Одобеску иқтисодиёт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни диверсификация қилиш, жумладан, Руминиянинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабати замиридаги энг муҳим мақсадлардан бири эканини қайд этди. Сенат Раиси Николае Чукэ ҳам анжуман иштирокчилари олдида нутқ сўзлаб, халқаро масалаларга тўхталди.

Элчи Даниэль Кристиан Чобану, ўз навбатида, Руминия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабат барча йўналишларда фаол ривожланаётганини таъкидлади. Икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг 2023 йил 23 октябрдаги учрашуви ҳамкорликни мустаҳкамлашга кучли туртки берганига урғу берд.

– Шу йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Прокуратура ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси делегациялари вакилларининг мазкур Европа давлатига ташрифи, шунингдек Руминия давлат корхоналари мониторинги ва баҳолаш агентлиги раисининг юртимизга ташрифи ҳар икки томон учун янги имкониятлар очди, – дея ҳисобот берди элчи.

2024 йил 27-28 март кунлари Бухарест шаҳрида бўлиб ўтган автомобиль транспорти бўйича Руминия – Ўзбекистон қўшма комиссияси йиғилиши ҳам ўзаро алоқани мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этди. Жорий йил 29 июнь – 3 июль кунлари Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р.Алимов бошчилигидаги делегация ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ёзги сессиясида иштирок этиш учун Руминияга ташриф буюргани ҳам эътиборга молик.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА