Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда жорий йил 27 октябрь куни парламент ва маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда “Адолат” СДПнинг иштирокига оид масалалар кўриб чиқилди.
Пленумни кириш сўзи билан очган партия етакчиси Робахон Махмудова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар янгича амалиёт – аралаш сайлов тизими орқали ўтказилиши, бунда ҳар бир овоз учун кескин кураш кетишини алоҳида таъкидлади. Бу, ўз навбатида, сиёсий партиялардан янада қизғин соғлом рақобат муҳитида сайловчиларнинг юксак ишончини қозонишни талаб этади. Шундай экан, “Адолат” СДП томонидан сайловчиларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асослантирилган таклифлар ва ташаббусларни, эзгу ғояларни илгари суриш, партиянинг халқчил Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, сайлов “Адолат” СДП учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо берадиган муҳим сиёсий жараён саналади. Шу билан бирга, вакиллик органларига ўз номзодларини кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларини самарали амалга оширувчи, мамлакат сиёсий-ҳуқуқий майдонидаги ўрнини мустаҳкамловчи, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларини таъминлаб берувчи имконият ҳамдир.
Шундан келиб чиқиб, Пленумда “Адолат” СДПнинг сайловда муносиб иштироки бўйича стратегик режалари белгиланди.
Пленумда партиянинг 2024-2029 йиллар учун мўлжалланган Сайловолди дастурини тайёрлаш учун партия электорати, хайрихоҳлари ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг фикр ва таклифларини олиш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва улар бўйича манзилли ечимлар таклиф этиш юзасидан чора-табдирлар ишлаб чиқилгани кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, соҳа мутахассислари, экспертлар билан ҳамкорликда Сайловолди дастурини аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий адолатни таъминлашга йўналтириш белгиланди.
Пленумда партия фаоллари, фахрийлар, депутатлар ва ёшлар вакиллари сўзга чиқиб, сайлов муҳим имконият экани, унда муносиб иштирок этиш учун партиянинг салоҳияти етарли экани, халқчил Сайловолди дастури билан сиёсий майдонга чиқиш лозимлигини қайд этишди. Ушбу муҳим сиёсий жараёнларда яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, сайловларда фаол иштирок этиш, партиядан депутатликка муносиб номзодларни кўрсатиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Пленумда сайловда иштирок этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА