Элчимиз Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби билан учрашди

585

Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий Ар-Риёд шаҳрида Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғуновни қабул қилди.

SPA хабарига кўра, суҳбат чоғида Кенгаш ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар, умуман Марказий Осиё билан муносабат ва ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўллари кўриб чиқилган. Минтақавий ва халқаро миқёсдаги сўнгги воқеалар, томонларни қизиқтирган сиёсий масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Мулоқот чоғида бўлажак тадбирлар, жумладан 2025 йил Самарқандда ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи олий даражадаги саммитига пухта тайёргарлик кўриш ва шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Жасим Муҳаммад Ал-Будаивий Ўзбекистон раҳбариятининг прагматик ташқи сиёсати натижасида яхши қўшничилик мустаҳкамланиб, минтақа билан савдо айланмаси ўсиб бораётганини эътироф этди.

Учрашув якунида Бош котиб элчимизга ўз вазифасини бажаришида муваффақият тилади,  олий даражадаги Самарқанд саммитга тайёргарлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борадаги саъй-ҳаракатни жадаллаштириш учун мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА