Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни қатор хорижий мамлакатларнинг давлат раҳбарлари ва нуфузли сиёсатчилари билан телефон орқали мулоқот қилди.
Хорижий ҳамкорлар давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ортга қайтмас ислоҳотларни амалга оширишда катта зафарлар, кўп миллатли халқимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Россия Федерацияси Президентининг жорий йил 26-28 май кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан суҳбатда Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Яқинда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишларининг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлашни янада кўпайтириш, янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва маданий алмашинувни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқотда амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, жорий йил август ойида Остона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган минтақа давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви ва «Марказий Осиё + Япония» саммитини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан суҳбатда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Қирғизистон Президентининг яқинда Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар тўпламини, шу жумладан қўшма «йўл харитаси» асосида ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 18-19 апрель кунлари Тожикистонга давлат ташрифи чоғида эришилган, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Иккинчи Ҳудудлар форуми, Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қатор қўшма маданий тадбирларнинг самарали якунлари мамнуният билан қайд этилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувларнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини ҳам муҳокама қилдилар.
Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқотда жорий йил 7-9 февраль кунлари Беларусь Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни қабул қилинган «йўл харитаси» асосида амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, жумладан, жорий йил 5-6 июнь кунлари Анқара шаҳрига олий даражадаги ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқотда устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида шайх Мансур Ол Наҳаён давлатимиз раҳбарига Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Яқин мулоқотни давом эттириш ва бўлажак олий даражадаги учрашувларга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.
Икки мамлакат парламентларининг самарали ҳамкорлиги Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик, оилавий фаровонлик ва катта муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги даражасига юксак баҳо берилди.
*****
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига унинг таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар раҳбарлари, жамоат арбобларидан самимий қутловлар келмоқда.
Хорижий ҳамкорлар ўз қутловларида Ўзбекистон Президентининг ортга қайтмас сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий янгиланишлар дастурини самарали амалга оширишдаги етакчилиги ва шиддатини алоҳида қайд этган. Миллий иқтисодиётнинг сифат жиҳатидан ўсиши, аҳоли фаровонлигининг ошиши, давлатнинг халқаро нуфузи сезиларли даражада мустаҳкамланиб, жаҳон мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиб бораётгани ҳам шундан далолат беради.
Шунингдек, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, масъулиятли ва олижаноб фаолиятида муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаклари билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни таваллуд кунингиз билан самимий муборакбод этаман.
Президентлик фаолиятингиз билан юртдошларингиз ўртасида катта ҳурмат ва юксак халқаро обрў-эътиборга сазовор бўлдингиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлади.
Давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, барча йўналишларда самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссангиз беқиёсдир.
Яқинда Тошкентда ўтган самарали музокараларимизни илиқ эслайман. Россия ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида конструктив мулоқотни ва яқин ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунман.
Сизга чин дилдан мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.
Ҳурмат билан,
Владимир Путин,
Россия Федерацияси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Туғилган кунингиз муносабати билан Сизга энг самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Жорий йилнинг январь ойида Сиз рафиқангиз билан Хитойга муваффақиятли давлат ташрифини амалга оширган эдингиз, бу ташриф давомида Сиз билан самарали ва натижадор музокаралар олиб бордик, икки томонлама муносабатларни янги даврда барча шароитда кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтариш ва Хитой – Ўзбекистон умумий тақдирини янада юксак босқичдан барпо этишимизга келишиб олдик ҳамда икки давлат ўртасидаги барча йўналишлар бўйича ҳамкорликнинг янги режасини белгилаб олдик. Яқинда Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида учрашув ўтказдик ва Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги бўйича янги келишувларга эришдик.
Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман ва Сиз билан мустаҳкам дўстлигимизни қадрлайман. Сиз билан биргаликда барча соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва Хитой-Ўзбекистон муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларга тайёрман. Ишончим комил, Сизнинг раҳбарлигингизда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган барча мақсадлар, албатта, ўз вақтида амалга оширилади.
Си Цзиньпин,
Хитой Халқ Республикаси Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Президент жаноблари!
Таваллуд кунингиз муносабати билан Сизга энг самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллашга ижозат бергайсиз.
Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик ва муваффақиятлар тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Нарендра Моди,
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз муносабати билан самимий табрикларим ва эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз!
Сизнинг бунёдкорона сиёсатингиз ва оқилона раҳбарлигингиз туфайли бугун Сиз халқингизнинг умумэътироф этилган етакчиси бўлиб, халқаро ҳамжамиятда ҳақли равишда катта обрў-эътиборга эгасиз.
Ишончим комил, Сизнинг стратегик йўлингизга қатъий амал қилиб, муҳим ташаббус ва ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириб, қардош ўзбек халқи фаровон Янги Ўзбекистонни барпо этишда Сиз қўйган юксак мақсадларга эришади.
Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан шахсий ҳиссангизни юксак қадрлайман.
Қозоғистон-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлашга қатъий интилишимни тасдиқлар эканман, Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, битмас-туганмас куч-ғайрат, оилавий фаровонлик ва қардош Ўзбекистон равнақи йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда янги муваффақиятлар тилайман.
Ҳурмат билан,
Қасим-Жомарт Тоқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қадрли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз муносабати билан энг самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилишингизни сўрайман.
Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимидаги самарали фаолиятингиз ва Ўзбекистон халқига фидокорона хизматингиз мамлакатингизда ҳам, унинг ташқарисида ҳам муносиб обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлди.
Биз Сизнинг узоқни кўзлаган раҳбарлигингизда қардош Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва халқаро майдондаги нуфузини изчил мустаҳкамлаш йўлидаги кенг кўламли ютуқларидан чин дилдан мамнунмиз.
Сизнинг Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва барча йўналишларда ўзаро манфаатли конструктив ҳамкорлик муносабатларини сифат жиҳатидан илгари суриш масалаларига доимий эътиборингизни юксак қадрлайман. Мамлакатларимиз ўртасидаги яқин алоқалар ва Сиз билан самимий, чуқур ишончга асосланган шахсий муносабатларни қадрлайман.
Сизнинг Тожикистонга давлат ташрифингизнинг самарали натижаларини алоҳида таъкидламоқчиман. Тарихий Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланишини кейинги йиллардаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий натижаси, деб биламан.
Душанбе шаҳридаги музокараларимиз давомида эришилган келишувларнинг изчил амалга оширилиши мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳар томонлама хизмат қилишига ишонаман.
Сизга, азиз дўст ва биродарим, чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, оилавий фаровонлик ҳамда дўст Ўзбекистон халқининг барқарор тараққиёти ва равнақи йўлидаги фаолиятингизда янги улкан муваффақиятлар тилайман.
Юксак ҳурмат билан,
Эмомали Раҳмон,
Тожикистон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.
Сизнинг қардош Ўзбекистон Республикаси равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз ва тинимсиз меҳнатингиз ҳақиқий ватанпарварлик ва ўз Ватанига фидокорона хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир.
Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга шахсан эътиборингизни алоҳида қайд этмоқчиман. Самимий дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшаётган улкан ҳиссангиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли Шавкат Миромонович, қадрли биродарим, Сизга чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва оилавий фаровонлик, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Гурбангули Бердимуҳамедов,
Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Таваллуд кунингиз муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилгайсиз.
Шуни катта мамнуният билан таъкидлашни истардимки, яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро англашув тамойилларига асосланган Туркманистон-Ўзбекистон муносабатлари йил сайин янги мазмун билан бойиб бормоқда, улар ўзаро катта ишонч ва очиқлик билан ажралиб туради.
Биз мамлакатларимиз ўртасидаги вақт синовидан ўтган сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни бундан буён ҳам кенгайтириш ниятидамиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Туркманистон-Ўзбекистон давлатлараро муносабатлари ва стратегик шериклиги бундан буён ҳам қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб боришига қатъий ишонамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизга чин қалбимдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, оилавий фаровонлик ва давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Сердар Бердимуҳамедов,
Туркманистон Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Қадрли Шавкат Миромонович, азиз оғам!
Сизни таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан табриклаб, мустаҳкам соғлик, узоқ умр, бахт-саодат, муваффақиятлар ва қардош Ўзбекистон давлати ва халқининг фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятингизда туганмас куч-ғайрат тилайман.
Мамлакатингизда узоқни кўзлаган ва қатъий раҳбарлигингиз остида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва ислоҳотлар натижасида ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришилди, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори ва мавқеи янада мустаҳкамланди. Мамлакатингизнинг ҳам ички, ҳам ташқи миқёсдаги ютуқ ва марралари сизларнинг пухта ўйланган қадамларингиз, оқилона сиёсатингиз ва кучли иродангиз натижасидир. Озарбайжон Ўзбекистоннинг барча ютуқларини катта шодлик ва ғурур билан кутиб олмоқда.
Озарбайжон-Ўзбекистон дўстлиги ва қардошлигини мустаҳкамлашда, умумий диний, маданий ва тарихий илдизлар билан боғланган халқларимиз иродасини акс эттирувчи ноёб давлатлараро муносабатларимизни ҳар томонлама ривожлантиришда, янги мазмун билан бойитиш ва уни ҳозирги даражага кўтаришда Сизнинг ўрнингиз беқиёсдир.
Мамлакатларимиз ўртасидаги олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этаётгани мени жуда қувонтиради. Шу маънода Шушадаги учрашувимиз, самимий фикр алмашганимиз, шаҳарнинг тарихий ва меъморий обидалари, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан танишганимизни эслайман. Ишончим комилки, биз имзолаган «Қорабоғ декларацияси» туркий дунё ҳамжиҳатлигини ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Умумий тарихимиз ва бой маънавий қадриятларимиз билан мустаҳкамланган яқин муносабатларимиз ва стратегик шериклигимиз халқларимиз иродасига мувофиқ биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан бундан буён ҳам ривожланиб, мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Муҳтарам Шавкат Миромонович, мен шахсий муносабатларимизни, дўстлигимизни, бир-биримизга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромимизни ҳамиша қадрлайман, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлашга асосланган биргаликдаги ишларимиздан, доимий алоқаларимиздан мамнунман.
Ушбу қутлуғ айёмда Сизни яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳурмат билан,
Илҳом Алиев,
Озарбайжон Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман.
Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш, унинг халқаро майдондаги таъсирини ошириш замирида Сизга хос бўлган етакчилик фазилатлари, қатъият ва кучли ватанпарварлик ҳисси ётади
Жорий йил февраль ойида мамлакатингизга амалга оширилган олий даражадаги ташриф икки томонлама ҳамкорликни, барча даражаларда кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги муштарак интилишларимизни яна бир бор тасдиқлади.
Биз бундан буён ҳам Тошкент билан муносабатларни дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида давом эттиришни мақсад қилганмиз.
Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга ва яқинларингизга тинчлик-осойишталик, оилангиз ва дўстларингиз Сизга таянч бўлишини, хизматига бутун умрингизни бағишлаган Ўзбекистонга эса фаровонлик ва равнақ тилайман.
Сизни меҳмондўст Беларусь заминида қутлашдан мамнун бўламан.
Ҳурмат билан,
Александр Лукашенко,
Беларусь Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Президент жаноблари, қадрли биродарим!
Таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан муборакбод этиб, Сиз Жаноби Олийларига яқинларингиз билан биргаликда сиҳат-саломатлик ва осойишталикка тўла узоқ умр тилайман.
Муштарак тарихимиз ва чуқур илдиз отган ришталаримиздан куч олувчи муносабатларимиз Сиз Жаноби Олийларининг улкан ҳиссаси туфайли икки ва кўп томонлама шаклларда, жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам жадал ривожланаётгани бизга чексиз қувонч бағишлайди.
Ўтган ой Сиз билан биргаликда ўтказган Туркия-Ўзбекистон Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг III йиғилиши асносида юртимизга амалга оширган ташрифингиздан бағоят мамнун бўлдим. Дўстлик ва биродарликка таянган яқин муносабатларимиз келгусида ҳам барқарор равишда мустаҳкамланишда давом этишига бўлган ишончимни яна бир бора таъкидлашни истардим.
Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, дўст ва биродар ўзбек халқига фаровонлик ва омонлик тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Режеп Таййип Эрдоған,
Туркия Республикаси Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари,
Сизни қутлуғ 67 ёшингиз билан чин қалбимдан муборакбод этишга ижозат бергайсиз.
Ўтган ойда амалга оширган давлат ташрифим туфайли Сиз билан биргаликда дўстлигимизни мустаҳкамлаганимиз, шунингдек, Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шериги бўлган Ўзбекистон Республикаси билан стратегик муносабатларни чуқурлаштирганимиздан бағоят мамнунман.
Бундан буён ҳам Корея-Ўзбекистон муносабатлари ривожланиб, келажакка йўналтирилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада кенгайишига Сиз доимий эътибор қаратасиз ва қўллаб-қувватлайсиз, деб умид қиламан.
Сизга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, Ўзбекистон Республикасига эса абадий фаровонлик тилайман.
Юн Сок Ёль,
Корея Республикаси
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Азиз дўстим, муҳтарам Президент жаноблари!
Сизни таваллуд кунингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Сизнинг узоқни кўзлаган ва доно раҳбарлигингиз туфайли Ўзбекистон Республикаси тараққий этаётгани, мамлакатингизнинг минтақадаги ва халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора юксалиб бораётганини мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Мен рафиқам билан бирга Сизнинг гўзал мамлакатингизга – улуғвор тоғлар ва зилол сувли дарёлар юртига давлат ташрифини амалга оширганимдан, Сиз Президент Жаноби Олийлари ва Зироатхон Мирзиёева Жаноби Олиялари билан самимий мулоқотдан ғоят мамнунман, бу икки мамлакат ўртасидаги тарихий, анъанавий ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Муҳтарам Президент жаноблари, Сиз ва рафиқангизни бой тарихимиз, бетакрор маданиятимиз ва кўчманчи халқимиз бешиги бўлган гўзал юртимизга ўзингизга қулай вақтда давлат ташрифи билан келишга яна бир бор таклиф этишдан ғоят мамнунман.
Халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик мустаҳкамланиб, Мўғулистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик доимо ривожланиб борсин.
Сизга ва бахтиёр оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва фаровонлик, Ўзбекистон халқига эса равнақ тилайман.
Чуқур ҳурмат билан,
Ухнаагийн Хурэлсух,
Мўғулистон Президенти
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари!
Туғилган кунингиз муносабати билан энг самимий тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Шушадаги сўнгги учрашувимизни илиқлик билан эслайман, унинг якунларини сарҳисоб қилар эканман, Ўзбекистон нафақат ишончли ҳамкор, балки мамлакатимизнинг самимий дўсти эканини қатъий таъкидлайман. Сиз билан очиқ ҳамкорлик туфайли кейинги йилларда Венгрия-Ўзбекистон муносабатлари янада кенгайиб, мисли кўрилмаган даражага кўтарилгани мени қувонтиради.
Жаноб Президент, муносабатларимизни мустаҳкамлашга содиқлигингиз учун ғоят миннатдорман. Сизни ишонтириб айтаманки, келгусида ҳам Сиз билан ҳамкорликда икки томонлама муносабатларда янги-янги ютуқларга эришиш учун барча зарур чораларни кўришда давом этаман.
Сизга мустаҳкам соғлиқ ва фаолиятингизда катта муваффақиятлар тилайман!
Самимият ила,
Виктор Орбан,
Венгрия Бош вазири
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига
Муҳтарам Президент жаноблари, азиз биродарим!
Ушбу қутлуғ кунда Сизга энг самимий табрикларимни йўллайман.
Яқиндагина Тошкентга амалга оширган ташрифим чоғида кўрсатган бағрикенг меҳмондўстлигингиз учун яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.
Ўзимнинг энг самимий саломим ва чуқур миннатдорлигим билан,
Антониу Гутерриш,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби
***
Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:
Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев,
Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний,
Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай Амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент Девони раиси Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг,
Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбо,
Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала,
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин,
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Хусрав Нозирий,
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо,
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь,
Ипак йўли фонди раиси Чжу Цзюнь,
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино.
Қутловлар келишда давом этмоқда.