Пойтахтимизда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Саидфаррух Исломов ва БАА Ҳукумат ишлари вазирлигининг Ҳукумат самарадорлиги ва давлат бошқарувини яхшилаш дастури директори Иброҳим Салман Ал Ҳаммади иштирокида мамлакатимизда давлат органларининг самарадорлигини баҳолаш лойиҳасининг биринчи мавсуми сарҳисоб қилинди. Дастурнинг иккинчи мавсумини амалга ошириш юзасидан режалар белгилаб олинди.
Дастурнинг иккинчи циклида 1 та институционал ҳамда 7 та индивидуал номинация бўйича вазирлик ва вазирликлар ходимлари баҳоланиши белгиланган.
Дастлабки босқичда соҳа мутахассислари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳни шакллантириш, танлов категорияларини аниқлаш, асессорларни тайёрлаш бўйича БАА томонидан услубий кўмак кўрсатилишига келишилди.
Шунингдек, дастур ғолиблари учун БААда стажировкалар ташкил қилиш, Ўзбекистонда давлат органларининг самарадорлигини баҳолаш лойиҳасининг онлайн платформасини тўлиқ ишга тушириш бўйича ҳамкорлик олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида маҳаллий экспертлар учун семинар ташкил этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА