Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда ҳудудларда аграр соҳани ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистоннинг Кегейли, Қораўзак ва Чимбой туманларида қишлоқ аҳолисига муқобил даромад манбаи сифатида сув тежовчи технологиялар ўрнатиб берилди. Ҳар бир тумандан 15 тадан оилага жами 45 та томчилатиб суғориш тизимининг ўрнатилиши Оролбўйи ҳудудларида яшовчи аҳолига бир қанча енгилликлар яратди.
Бу технологиялар ўсимликларни суғоришни автоматлаштириш, сув ва минерал ўғитлар учун сарф-харажатларни 40-50 фоизга камайтириш, шунингдек, турли ўсимликлар касалликларининг олдини олиш ва тупроқ намлигини сақлаш имконини бериб, ҳосилдорликни оширишга хизмат қилади.
Ушбу ускуналар ФАО томонидан БМТнинг Тараққиёт Дастури ва БМТнинг Болалар Жамғармаси (UNICEF) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Оролбўйи ҳудудини яшил ва инновацион ривожлантириш орқали ёшларнинг ёрқин келажак сари ҳуқуқ ва имкониятларини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида ўрнатиб берилди. Лойиҳа БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди томонидан молиялаштирилмоқда.
Қайд этиш лозимки, томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланган шароитда кам сув сарфлаб, барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА