Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Тошкентда ўтган олий даражадаги музокараларда икки дўст мамлакат халқлари манфаатига хизмат қиладиган кўплаб келишувларга эришилди. Давлат раҳбарлари кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. Умуман, ташриф давомида 16 та ҳужжат имзоланди. Энергетика, автомобилсозлик ва тўқимачилик саноатида йирик қўшма лойиҳаларга старт берилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг самимий мулоқоти 19 июль куни Хоразмда давом этди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат биринчи хонимлари билан биргаликда дастлаб Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуаси ва Нуриллабой сарой мажмуасига ташриф буюрди.
Хива шаҳри 1990 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. Шаҳар 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.
Олий мартабали меҳмонлар танишувни «Ота дарвоза»дан бошлаб, ноёб «Кўҳна арк» мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Жума масжиди, «Тошҳовли» мажмуаси ва бошқа обидалар билан танишди.
Меҳмонлар шарафига ўзбек халқ қўшиқлари янграб, театрлаштирилган томоша намойиш этилди.
Шундан сўнг Нуриллабой саройига ташриф буюрилди.
Сарой-боғ мажмуаси XX аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда хивалик моҳир усталар билан бирга чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қирғизистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров «Хива гиламлари» комбинатида бўлди.
2020 йилда ташкил этилган мазкур корхонада йилига 4,2 миллион квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Хитой, Россия, АҚШ, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Европанинг етакчи давлатлари технологияси билан жиҳозланган замонавий комбинатда бугунги кунда 750 киши меҳнат қилмоқда.
Президентлар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва шоурумини, шунингдек, комбинат ҳудудида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» бренди остидаги саноат маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Тегишли вазирлик ва идораларга ўзаро тажриба алмашиш, кооперация ва савдони ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ташриф тадбирлари якунлангач, Президент Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан Урганч халқаро аэропортида Президент Садир Жапаров ва рафиқасини кузатиб қўйди.
ЎзА