Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийларига қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон меъморлар уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийлари кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти тузилади.

Фахрийлар кенгашининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

шаҳарсозлик ва архитектура соҳасини жадал ривожлантиришда архитектура ва қурилиш соҳаси фахрийларининг ноёб ва бой ҳаёт тажрибаси, амалий маҳорати ва салоҳиятидан кенг фойдаланиш;

шаҳарсозлик ва архитектура соҳасини ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, ушбу соҳада концепциялар ва дастурларни шакллантиришда иштирок этиш;

шаҳарсозлик соҳасидаги замонавий талабларни амалиётга жорий этиш, миллий архитектура-маданий анъаналарни ривожлантириш, шунингдек, шаҳар ҳудудларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг архитектура- режалаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ҳамда стандартларни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ушбу соҳадаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

фахрийларнинг соҳадаги ёш мутахассисларни юксак маънавият, мехнаткашлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда фаол иштирокини таъминлаш учун шароитлар яратиш;

фахрийларининг маънавий эҳтиёжларини қондириш, қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш даражаси ва ижтимоий мавқеини таъминлаш;

Кенгашнинг республика архитектура ва қурилиш соҳасидаги меҳнат жамоаларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётидаги ҳамда ҳар бир фахрийни қўллаб-қувватлаш чоралари билан қамраб олишдаги ташкилотчилик роли ва аҳамиятини ошириш;

фахрийларнинг ижтимоий ва моддий ҳолатини яхшилаш, уларга маиший, тиббий, маданий ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда кўмаклашиш;

фахрийлар иштирокида маънавий-маърифий, маданий ҳамда спорт тадбирларини ташкил этиш, ёшлар билан, шу жумладан, соҳага оид олий ва профессионал таълим муассасаларида учрашувлар ўтказиш.

Фахрийлар кенгаши қарорлари тавсиявий характерда бўлиб, Кенгаш томонидан бевосита ёки билвосита қурилиш ташкилотлари молиявий-иқтисодий ва ишлаб чиқариш фаолиятига аралашилишига йўл қўйилмайди.

ЎзА