Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Шоҳрух Далиев ва “German Industry and Commerce ” МЧЖ раҳбари Отабек Алимжонов ўртасида “Skills Expert Program” лойиҳасини йўлга қўйиш бўйича битим имзоланди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад профессионал таълим муассасаларида Ўзбекистондаги Германия корхоналари ва маҳаллий корхоналар учун малакали мутахассис кадрлар тайёрлашдан иборат.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳа 3 йил давомида амалга оширилади ва Германиянинг Иқтисодиёт ва иқлим муҳофазаси вазирлиги томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳа доирасида профессионал таълим муассасаларининг дуал таълим шакли ўқувчилари учун Германия стандартларига мувофиқ назарий ва амалий шаклдаги якуний малака имтиҳонлари ташкил этилади.

Имтиҳон натижаларига кўра, ташкилот томонидан Германия компанияларида тан олинадиган сертификат берилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА