Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизимининг уйғунлигини таъминлаш, олий таълим муассасаларининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш орқали Сурхондарё вилояти иқтисодиёт тармоқларининг, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар соҳалари бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида:

1. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини қўшиб юбориш орқали уларнинг негизида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, Университет давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимида фаолият юритади.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;

таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;

ихтисослик соҳалари бўйича таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш ҳамда таълим дастурларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;

соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш;

талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.

3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Университетда Илғор муҳандислик мактаби фаолиятини ташкил этсин.

Бунда:

Илғор муҳандислик мактаби юридик шахс мақомисиз ташкил этилади ҳамда унда таълим олиш учун академик кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар танлов асосида сараланади ва амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади;

Илғор муҳандислик мактаби йўналишига мос саноат ҳамкорлари белгиланиб, уларнинг техник ва технологик тараққиётини таъминлаш учун замонавий лабораториялар ташкил этилади;

Илғор муҳандислик мактабида саноат ҳамкорлари томонидан тақдим этилган муаммолар портфели асосидаилмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш йўлга қўйилади;

Илғор муҳандислик мактабида амалга ошириладиган амалий ва инновацион лойиҳаларни саноат ҳамкорлари ва Инновацион ривожланиш агентлиги маблағлари ҳисобидан биргаликда молиялаштириш тизими жорий этилади;

Илғор муҳандислик мактаби фаолияти Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

йирик ишлаб чиқариш корхоналарини Университетнинг Илғор муҳандислик мактабига саноат ҳамкори сифатида бириктириш ҳамда самарали фаолиятни тизимли давом эттириш;

етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида фаолият юритувчи чет эллик ва (ёки) хорижда яшовчи ватандош мутахассисларни шартнома асосида Илғор муҳандислик мактаби фаолиятига жалб этиш чораларини кўрсин.

4. Қуйидагилар:

2024-2027 йилларда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети фаолиятини ташкил этиш ҳамда унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳамда Термиз давлат педагогика институтига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериладиган объектлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқласин.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

а) 2024/2025 ўқув йилига қадар:

Университет бошқарув кадрлари лавозимларига етакчи хорижий олий таълим ташкилотларида иш тажрибасига эга бўлган мутахассисларнинг жалб этилишини;

Университетнинг танлов асосида ишлаб чиқариш ташкилотлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида катта илмий ва (ёки) амалий тажриба орттирган мутахассислар, устувор равишда, илмий даражага эга бўлган юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;

Университет талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг иш самарасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимининг жорий этилишини;

Университетда Таълим хизматлари маркази ташкил этилишини ҳамда талабаларга ўқиш давомида вужудга келадиган ташкилий ва ҳуқуқий масалалар юзасидан барча зарур хизматларнинг “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши йўлга қўйилишини таъминласин;

б) Университет ҳузурида техника ва қишлоқ хўжалиги ихтисосликлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи ихтисослашган илмий кенгашлар фаолиятини белгиланган тартибда ташкил этиш чорасини кўрсин;

в) 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантларини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юбориш;

Университетнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига ўқишга қабул қилинган иқтидорли талабалар учун хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этиш чораларини кўрсин.

6. Университетга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг амалдаги рейтингида олий таълим муассасалари орасида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотининг дастури асосида ўз таълим дастурларини шакллантириш;

Университет фаолияти йўналишлари бўйича шартнома асосида маслаҳат ва эксперт-таҳлилий хизматлар кўрсатиш ҳамда илмий-тадқиқот ва инновацион хизмат кўрсатувчи корхоналарни ташкил этиш;

таълим ва илмий-тадқиқот жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маош ҳамда бошқа тўловларни белгилаш ва тўлаш;

профессор-ўқитувчиларни ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари ва “устоз-шогирд” тизими бўйича бажарган ишларининг натижаси ҳамда талабаларнинг эришган ютуқлари бўйича рағбатлантириб бориш.

7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилади;

б) Университет Термиз муҳандислик-технология институти ҳамда Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

в) Университет фаолиятини молиялаштириш:

Давлат бюджети маблағлари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

2024 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритган ҳолда амалга оширилади,
2025 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А.Шарипов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими У.Б.Қосимов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари О.Қ.Абдурахманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 18 июль