Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг барча турдаги хизматлари бўйича даромад ва харажатларнинг алоҳида ҳисоби юриталади. Бунда йўловчи ташиш учун алоҳида даромад ва харажатлар ҳисобга олиниб, йўловчи ташиш хизмати нархларини ҳисоблаш базаси яратилиши инобатга олинади.

2025 йил 1 январдан бошлаб темир йўл хизматларини кўрсатувчи корхоналарнинг ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрган зарарлари мазкур қарор билан тасдиқланган вақтинчалик низом талаблари асосида Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади.

2025 йил 1 декабрга қадар темир йўл транспорти соҳасида давлат томонидан тартибга солинадиган хизматлар нархини аниқлаш ва тасдиқлаш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда хизмат кўрсатиш сифати ҳамда операцион самарадорликни оширишга қаратилган рағбатлантириш механизмларини (бонуслар) жорий қилиш ҳамда аванс тўловларини амалга ошириш методологиясини қўллаш ҳисобга олинади.

2027 йиллардан бошлаб Давлат бюджетидан компенсация маблағлари фақатгина ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатиш шартномалари асосида молиялаштирилади.

Ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби тўғрисидаги Вақтинчалик низом ички қатновларда ҳаракатланувчи поездларда (юқори тезликда ҳаракатланувчи ва тезюрар поездлар бундан мустасно) йўловчи ташиш хизматларини кўрсатишдан кўрилган зарарларни Давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартибини белгилайди ҳамда 2027 йил 1 январгача амал қилади.

ЎзА