Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ва Бошқирдистон Республикаси Бош вазири Андрей Назаров билан биргаликда икки мамлакат бизнес вакиллари ҳамда масъуллари иштирокида учрашув ўтказилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, Қорақалпоғистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги лойиҳалар учун кенг имкониятлар, яратилган шароитлар, бу борада фармон ва қарорларда берилган имтиёзлар ҳақида кенг таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, ҳар икки томон ўртасидаги алоқалар бугунги кунда яна ҳам мустаҳкамланаётгани, бунда икки давлат Президентларининг алоҳида қўллаб-қувватлаши асос бўлиб хизмат қилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жўқорғи Кенгес Раиси Бошқирдистон тадбиркорларини Қорақалпоғистонда ҳамкорликда корхоналарни ишга туширишга, янги бозорларга биргаликда йўл очишга ва Оролбўйининг инвестицион салоҳияти асосида истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.

Учрашув В2В форматидаги мулоқотлар билан давом этди.

Жўқорғи Кенгес Раиси раҳбарлигида делегация Уфа шаҳрида жойлашган саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Турли саноат йўналишларидаги корхоналар учун қурилган Уфа саноат парки фаолияти кўздан кечирилди. Мазкур жойда ёғоч маҳсулотларини қайта ишлаш, кўмир саноати, мебеллар, бурғулаш, нефть-газ ускуналарини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар фаолият олиб бормоқда.

Саноат паркида йиллик 50 минг тонна қувватга эга деоль лак ва бўёқлар ишлаб чиқариш корхонаси, чарм ва сунъий чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи полиэдрон корхонаси, шунингдек, экстремал саёҳат ва автомобиль юриши қийин ҳудудларда ҳаракатланишни таъминловчи квадрациклларни ишлаб чиқарувчи “РБ Моторс” корхонаси, текстиль ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари кўздан кечирилди.

Музокаралар давомида Элликқальа туманидаги “Бўстон кластер” масъулияти чекланган жамияти  ва Бошқирдистон корхоналари билан текстиль маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳасида квадрацикллардан фойдаланиш учун келишувга эришилди.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири