Ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик самарадорлик омили

Давлатимиз раҳбари ОАВ вакилларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Дарҳақиқат, сўз эркинлигини таъминлаш, ватанимизнинг демократик қиёфасини шакллантириш, уни дунёга тараннум этишда журналистларнинг ўрни ва роли беқиёс.
“Ўзсувтаъминот”АЖ бошқарув раиси ўринбосари в.б. Комил Юсупов ташкилот фаолиятини жамоатчиликка кенг тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшиб келаётган ОАВ ходимлари ҳамда блогерлар билан учрашди.
Тадбирда медиа олам вакилларига ҳамкорлик ва соҳага оид жараёнларни жамоатчиликка яқиндан таништиришда қўшган ҳиссалари учун миннатдорлик билдирилди. Махсус эсдалик совғалари берилди.
Сув таъминоти тизимида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда якдиллик билан ёндашиш, бебаҳо неъматни асраб-авайлашни кенг тарғиб қилиш ва бу борада ягона пресс-пул ташкил этиш каби долзарб таклифлар илгари сурилди.
Учрашув сўнггида ўзаро ҳамкорлик соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этиши ва бундан аҳоли манфаатдор бўлиши таъкидланди.
Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат) ЎзА