Сайёр учрашувда муаммоларга ечим топилмоқда

302

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳудудий савдо-саноат палатаси масъул вакиллари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари учун сайёр учрашув ташкил этилди. Унда ташқи савдо операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларида юзага келаётган муаммо ва тушунмовчиликларни бартараф этиш чоралари муҳокама этилди.

Тадбирда тадбиркорлик субъектларига маҳсулот экспортини амалга оширишда божхона органлари томонидан жорий этилган “Экспорт 3 қадамда” тизими афзалликлари, соддалаштирилаётган божхона расмийлаштируви амалиётлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Ушбу тизим жорий этилгунга қадар 9 босқичда амалга оширилиб келинаётган экспорт операциялари эндиликда 3 босқичда Ўзбекистон товарларининг дунё бозорларига чиқишига имкон яратмоқда. Бу ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилишига замин бўлмоқда.

Қайд этиш лозимки, бугунги кунга қадар ҳудудда фаолият юритаётган ўндан ортиқ тадбиркорлик субъекти ушбу тизим афзаллигидан фойдаланиб, 50 тадан ортиқ божхона юк декларацияси орқали товарлар экспортга соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган.

Шунингдек, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими талаб ва имкониятларидан Қорақалпоғистон Республикаси шароитида фойдаланиш бўйича ҳам таклифлар берилди.

Тадбиркорлик субъектлари божхона расмийлаштируви жараёнларида, хусусан, божхона қийматини аниқлашда қўлланиладиган усуллардан фойдаланишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.