Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида конституциявий ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқилган қонунлар муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги конституциявий қонун муҳокама қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси мақоми, уни шакллантириш ва фаолиятини тартибга солиш масалалари бевосита Конституцияда мустаҳкамланган нормаларга асосланади ҳамда мазкур қонуннинг асосий қоидалари ушбу нормалардан келиб чиққан.

Шу боисдан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунни конституциявий қонун шаклида қабул қилиш таклиф этилмоқда.

Муҳокама давомида ушбу қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатдан янги, самарали усуллари ва замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда Ҳукумат аъзоларининг давлат сиёсатини юритиш ва бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиш йўлидаги шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Сенаторлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор ўзгартиришлар Конституцияга киритилиши амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини айтиб ўтди.

Бу борада янгиланган Конституциянинг 19-моддасида белгиланган нормадан келиб чиқиб, жами 26  қонун ҳужжати (6 кодекс ва 20 қонун) нормалари мувофиқлаштирилаётгани қайд этилди.

Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА