Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турган Республика ишчи гуруҳи ижтимоий соҳа объектлари, маҳаллалар ижтимоий инфратузилмасининг ҳолати, аҳоли орасида тадбиркорликни ривожлантириш каби қатор масалалар бўйича ўрганишлар олиб бормоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва уларга кенг имкониятлар яратиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса, тадбиркорлар томонидан рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш орқали даромадларини оширишга замин яратмоқда.
Тўрткўл туманидаги ““Premium golden grain products» масъулияти чекланган жамияти экспортбоп ун ва ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхоналардан бири. Ишчи гуруҳ ҳамда туман ҳокимлиги масъуллари ушбу корхона фаолияти билан яқиндан танишди.
Корхонада кунига 60 тоннагача ун ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлиб, унда 40 нафар маҳаллий аҳолининг доимий иш билан бандлиги таъминланган. Масъуллар корхонада ишлаб турган замонавий техникалар ва ишчи- хизматчилар учун яратилган шароитларни ўрганди.
Ишчи гуруҳ тумандаги шиша маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Тўрткўл шиша идишлари” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
2019 йилда ишга туширилган ушбу корхона маҳаллий аҳолининг шиша маҳсулотларига бўлган талабини қондириш билан бирга, маҳсулотни хорижий давлатларга ҳам экспорт қилмоқда.
Мазкур корхонада 160 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланган. Ишчи гуруҳ аъзолари корхонанинг масъул ходимлари илгари сурган таклиф ва тавсияларни ўрганди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири