Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи қошидаги майдонда “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остидаги фестивалнинг очилиш маросими ҳамда гала-концерт дастури бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар йили июнь ойи юртимизда “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилиниб, барча жойларда турли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Жорий йил ҳам ёшлар фестивалига Қорақалпоғистонда биринчилардан бўлиб старт берилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокчиларни фестивалнинг очилиши билан қутлаб, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, қобилиятларини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Фестивал доирасида ҳудудда “Ибрат фарзандлари”, “Мутолаа”, “Устоз”, “Uzches” платформалари фаолияти шохобчалари ва ўқув марказлари кўргазмалари ташкил этилди. Жумладан, “Келажак касблари” лойиҳаси доирасида чет тили ва IT ўқув курсларининг кўргазмаси намойиш этилиб, тадбирда иштирок этаётган ёшлар ўз хоҳиши билан шу вақтнинг ўзида рўйхатдан ўтишди.
Тадбирда қатор йўналишлар бўйича натижага эришиб келаётган бир гуруҳ ёшлар, жумладан “Ёшлар овози” Бўзатов FEST фестивали ғолиблари тақдирланди.
Тадбир сўнггидаги гала концерт, айниқса, таниқли санъаткорларнинг чиқишлари фестивални чин маънода ёшлар байрамига айлантирди. Қайноқ ёз оқшомида ёшларга ҳақиқатда ҳам байрамона руҳ ҳадя қилган фестиваль Нукус осмонидаги мушаклар шоуси билан якунига етди.
“Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик!” шиори остидаги фестиваль туманларда давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари