Сўнгги йилларда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Россия Федерацияси, Италия, Испания, Сингапур, Германия, Жанубий Корея, Нидерландия, Туркия, Беларусь, Франция давлатларининг олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан халқаро шартномалар асосида ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Шу жумладан, Россия Федерацияси нуфузли олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари билан турли йўналишларда ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Россия Фанлар академиясининг Зоология институти ҳузуридаги Шўр сув гидрологияси лабораторияси, Н.И.Вавилов номидаги Генетика, биотехнология ва инженерия университети вакиллари билан Орол денгизини ўрганиш, Қорақалпоғистон Республикаси иқлим шароитида “Микроторф”ни қўллаш, шу асосда унинг самарадорлигини аниқлаш бўйича илмий изланишлар олиб борилди.

Ўтган йили университет профессор-ўқитувчилари Қозон Федерал университети,  М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети каби қатор олий таълим муассасаларида малака ошириб, Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган «Қонунда манфаатлар мувозанати”  конгресининг XVI сессиясида, Санкт Петербург шаҳрида ўтган университетлар ректорлари форумида,  Халқлар дўстлиги университетида ташкил этилган «ХХI аср лингвокультурология ва коммуникатив воқелиги: янги вазифалар – янги тушунча» I  халқаро форумида, Қрим Федерал университетида ўтказилган «Кўп маданиятли дунёда рус тили”  VII халқаро симпозиумида иштирок этиб қайтди.

Урал давлат юридика университети,Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Новосибирск давлат университети,Қозон Федерал университети, Санкт-Петербург давлат педиатрия медицина университети профессор-ўқитувчилари ҳамкорлик шартномаси асосида олий ўқув юртига ташриф буюриб, талабаларга дарс берди.

Қорақалпоқ давлат университетида жорий ўқув йилида 11 нафар хорижий фуқаро таҳсил олаётган бўлса, шундан 3 нафари Россия Федерацияси фуқароси ҳисобланади. Бугунги кунда Москва давлат миллий тадқиқот қурилиш университети билан бакалавриатнинг 3 та таълим йўналиши бўйича қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда.

– Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг яқинда  мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида қатор соҳаларда, шу жумладан,  Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида илмий технологиялар соҳасида қўшма танловлар ўтказиш тўғрисида битимга эришилди,– дейди университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Тимур Нуримбетов. – Бу эса олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири