Нукус шаҳри “Қутли макон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи “Ҳунарманд” бирлашмаси аъзолари Саламат Алламберганов ва Гўзал Губеновалар хонадонида “Оила керамик” кулолчилик устахонаси ҳамда уй- музей ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ӯзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда “Ҳунарманд” бирлашмаси вакиллари, ҳунарманд ёшлар ҳамда хорижий сайёҳлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон кулолчилик санъатининг энг бой меросини сақлаб қолган маскан ҳисобланади. Мамлакатимизда қадимдан ҳар воҳанинг ҳунармандчилик марказлари шаклланиб, ўзига хос маҳаллий хусусиятларини сақлаган. Уларда ҳозирги вақтда сопол идишлари ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда бадиий кулолчилик санъати ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, унинг янада ривож олиши учун қулай шароит яратилмоқда. Жаҳон ҳунармандчилик кенгашининг 2019 йил 23 июлдаги қарорига кўра, Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилиши юртимизда ҳунармандчилик қадимдан бой анъаналар асосида ривожланиб келаётганини кўрсатади. Айниқса, соҳага ёшларнинг қизиқиши диққатга сазовордир.
Иқтидорли ёшлар – Саламат Алламбергенов ва унинг турмуш ўртоғи Гўзал Губенова Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Туризм бошқармаси қўллаб-қувватлаши билан кулолчилик устахонаси ҳамда уй- музей ташкил этди.
Қорақалпоғистонда кулолчилик санъатини ривожлантиришни мақсад қилган ёш оила аъзолари бир неча маротаба танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети санъат факультети ҳамда К.Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олган бу иккала кулол 2023 йили май ойида Фарғона вилоятида бўлиб ўтган “Кулоллар сайли” миллий кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдосида, Қўқон шаҳрида ўтказилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида бўлиб ўтган Халқаро кулолчилик форумида қорақалпоқ миллий кулолчилик буюмлари билан иштирок этди.
– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кулолчилик санъатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Саламат Алламбергенов. – Келажакда қорақалпоқ кулолчилик мактабига асос солиб, аҳолини, шунингдек, хорижий сайёҳларни маҳаллий кулолчилик буюмлари билан таъмишлаш, уларни экспортга чиқариш, соҳага қизиқувчан ёшларнинг бандлигини таъминлашни мақсад қилганман. Бунинг учун барча шароит яратилган.
Тадбир иштирокчилари кулолчилик устахонаси фаолияти ва уй- музей экспонатлари билан танишди. Улар ёшларда ва хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари