Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Макка шаҳрида Ҳаж медиа форуми бўлиб ўтмоқда. Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) ёзишича, мазкур анжуман иштирокчиларга янгиликларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишда инновацияни илгари суриш, замонавий технологиядан самарали фойдаланиш бўйича янги имкониятлар тақдим этади.

10 июнда бошланган, интер фаол рақамли технологиялар салоҳиятини намойиш этаётган ушбу тадбир 150 дан зиёд маҳаллий, 1500 дан кўп халқаро ОАВ ходимларини жамлаган.

Форум доирасида 11 ёрдамчи медиа ҳудуди ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизмат жараёни акс этган интер фаол медиа кўргазмаси ташкил этилган.

Анжуман тизимнинг барча тармоқларини бирлаштирган ҳолда, ОАВ вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Шунингдек, замонавий технологиялар ёрдамида Ҳаж мавсумида маҳаллий ва халқаро ОАВ имкон даражасида кўпроқ маълумот тарқатишига кўмаклашади.

Форум 16 июнга қадар давом этади.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА