Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида комбайнларнинг ғалла ўрим-йиғим ишларига тайёргарлиги юзасидан кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокимлиги, агроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари, корхона ва ташкилотлар масъул ходимлари, ғалла ўриш комбайнлари операторлари иштирок этди.

Жорий йилда 4 минг 520 гектар майдондаги ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олиш учун туманда 13 та отряд ташкил қилинди. Уларнинг кеча-кундуз ишлаши учун барча шароит яратилган. Семинарда комбайнларнинг тайёргарлик ҳолати якуний назорат қилинди ва вазифалар белгиланди.

Тадбир якунида ҳар бир комбайн операторига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 2 миллион сўмдан пул топширилди.

Ғалла ўрим-йиғим ишларига тайёргарлик юзасидан кўргазмали семинар Оролбўйининг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.